“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун жиноятларнинг олдини олиш ҳамда иллатларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

      Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат коррупциядир. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

      Ўзбекистон Республикасининг 2008 йили Бирлашган Миллатлар Ташки¬лотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк), шунингдек, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкило¬ти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига (2003 йил 10 сентябрь, Истанбул) қўшилиши коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

      Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини¬ олиш билан боғлиқ ҳуқу-қий механизмларни такомиллаштиришга қаратил¬ган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Бюджет, Божхона кодекслари (янги таҳрирда), “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао¬лиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

      Коррупция ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат харидлари механизмини тако¬миллаштириш, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлашга оид бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

      Мазкур чора-тадбирларнинг янги ва янада самарали тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2016 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва 24 ноябрда қуйи палата томонидан қабул қилинган ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 8-сессиясида маъқулланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

      Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган.

      Қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратади, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашади. Қонун 6 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, унда коррупция; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик; манфаатлар тўқнашуви атамалари асосий тушунчалар сифатида берилган. Қонунда «коррупция» тушунчаси «шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш» дея таърифланган.

      “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик” деганда, “коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш”ни тушуниш лозим. “Манфаатлар тўқнашуви” “шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият”дир.

      Ушбу қонун коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларини ҳам белгилаб берган. Улар қуйидагилардан иборат: қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги. Давлат коррупцияга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириши, жамиятда коррупцияга нисбатан муроса¬сиз муносабатни шакллантириши; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳала¬рида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириши; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаши, уларга чек қўйиши, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаши керак. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сифатида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти белгиланган.

      Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

      Шунингдек, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Идоралараро комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

      Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади. Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари: коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни ташкил этиш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга,уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни кўриш; коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш; ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

      Маълумки, жамиятда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини таъминлашда кенг жамоатчилик иштироки таъминланмаса, ундан кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. Мазкур қонуннинг эътиборли жиҳати шундаки, унда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланган.

      Улар ушбу қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда иштирок этиши; коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

      Қонунга “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” деб номланган алоҳида бобнинг киритилгани бежиз эмас. Чунки аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирмасдан туриб, унга қарши курашиш самарадорлигини таъминлаб бўлмайди.

      Қонуннинг 16-моддасига асосан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўради.

      Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан, ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни ҳам амалга оширади. Қонунда таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида¬ги ҳуқуқий таълим ва тарбияни олиб боришга ҳам алоҳида урғу берилган. Келгусида таълим муассасаларида коррупция¬га қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

      Давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга,мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади. Қонунда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат этиб белгиланган: давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтириш; коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

      Ушбу қонунда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида учраши мумкин бўлган коррупция¬га оид жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қар¬ши курашиш самарадорли¬ги¬ни¬ ошириш учун зарур барча¬ тартиб-тамойиллар ҳамда уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

      Бу эса мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги даври бошлангани ва бунда коррупцияга қарши курашиш давлатнинг устувор вазифаси эканидан далолатдир.

      Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ушбу жиноятларнинг олдини олиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган иллатларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.